Ўзбекистонда жарроҳлик амалиётидан сўнг яна бир таниқли блогер вафот этди

Asad Algo тахаллуси билан танилган блогер 20 ёшда эди.

Ўзбекистонда Asad Algo тахаллуси билан танилган блогер бош мияси операция қилинганидан кўп ўтмай 19 июль куни вафот этди.

Бош прокуратуранинг 20 июлда билдиришича, мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув харакатлари олиб борилмоқда. Марҳумнинг ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган.

20 ёшли блогер Instagram саҳифасида деярли бир миллион обуначига эга эди.

Effekt. Uz телеграм канали блогернинг яқин дугонасига таянган ҳолда, ўлимга Asad Algoнинг калтакланиши сабаб бўлгани ҳақида ёзди.

Қизнинг айтишича, блогер калтакланиш натижасида бошидан қаттиқ жароҳат олган ва уч кун давомида уйида даволанган. Аммо аҳвол ёмонлашгач миясидан операция қилинган ва жарроҳлик столида юраги тўхтаб, вафот этган.

Ҳозирча тасдиқланмаган айрим хабарларга қараганда, блогер 18-июль куни тонгги соат 5:00 атрофида Мирзо Улуғбек туманидаги “Эко боғ”да 26 ёшли йигит билан муштлашгани ортидан қаттиқ жароҳат олган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда блогернинг ҳақиқий исми Асадбек Арзикулов экани айтилмоқда.

Бундан аввал - 5 март куни Mittivine каналининг муаллифи бўлган 27 ёшли блогер Фарҳод Маннопов ҳам бурнига ўтказилган жарроҳлик амалиётидан сўнг вафот этган эди. Бош прокуратура блогернинг ўлими юзасидан 6 март куни Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатган. Бироқ шу кунгача жиноят иши юзасидан қўшимча маълумотлар эълон қилинмади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги хизмат текшируви натижасида блогерни операция қилган шифокорлар етарли малакавий тоифага ва тажрибага эга бўлмаганлари аниқланганини билдирган.

23 май куни эса қиличбозлик бўйича Ўзбекистон тарихидаги илк халқаро ҳакам, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси бош ҳаками Аида Ҳасанова Тошкентдаги хусусий клиникалардан бирида ўтказилган пластик операциядан сўнг 39 ёшида вафот этган эди.

Бош прокуратура ўлим сабабларини аниқлаш учун суд-тиббий экспертиза тайинлангани ва Чилонзор тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилаётганини билдирган.