БМТ агентлиги Ўзбекистонга аҳолини рўйхатга олишда кўмак сифатида 70 та компьютер тақдим қилди

Иллюстратив сурат

БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича агентлиги 10 ноябрь куни Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасига 70 комплект компьютер тақдим қилди. Бу ҳақда агентликнинг минтақавий бўлими маълумот тарқатди.

Бу жиҳозлардан жорий йилнинг ноябрида синов тариқасида ўтказилаётган аҳолини рўйхатга олиш тадбири ҳамда 2023 йилнинг ноябрь ойига режаланган миллий аҳолини рўйхатга олиш тадбири чоғида йиғилган маълумотларни рақамлаштириш учун фойдаланилади.

БМТ Қочқинлар ишлари бўйича агентлигининг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси в. б. жаноб Ю Ю Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш халқаро тамойил ва стандартларга мувофиқ равишда ўтиши ва юқори сифатга эга бўлиши ўтказилиши муҳимлигини таъкидлаган.

“Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси билан БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси ўртасидаги ҳамкорлик орқали фуқаролиги бўлмаган шахслар тўғрисида маълумот йиғишнинг таъминланиши бу жараённинг ажралмас қисми ва “ҳеч кимни панада қолдирмаслик” тамойилининг исботи бўлиб ҳисобланади”, деган мулозим.

Ўзбекистонда 1-25 ноябрь кунлари синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш тадбири олиб борилиши, бу тадбир Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани, Хоразм вилоятининг Хива шаҳри ҳамда Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида ўтказилиши ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Давлат статистика қўмитаси мазкур тадбир 2023 йилда ўтказилажак аҳолини рўйхатга олиш жараёнига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида ўтказилаётганини билдирган.

Президент Ш. Мирзиёев 2019 йил февралида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш тўғрисидаги қарорни имзолаган, бироқ пандемия важидан қарор ижроси 2023 йилга қолдирилган.

Ўзбекистонда сўнгги марта аҳоли 1989 йилда рўйхатга олинган эди.