БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ўзбекистонга келади

Фолькер Тюрк 2022 йилнинг октябрь ойидан бери БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари лавозимида ишлаб келмоқда.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюркнинг 13−15 март кунлари Ўзбекистонга келиши кутилмоқда.

ЎзАнинг хабар беришича, Тюрк Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар ва Адлия вазирликлари раҳбарияти, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари буйича вакили (Омбудсман) билан учрашув ўтказади.

Бундан ташқари Олий комиссар Қорақалпоғистонга боради.

Бундан аввал 28 февраль ва 1 март кунлари Тошкентда бўлган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен президент Шавкат Мирзиёев бмлан учрашувидан сўнг журналистларга берган интервьюсида Нукусдаги 1-2 июль воқеаларида куч ишлатар органлар томонидан инсон ҳуқуқларини бузилганига оид маълумотлар очиқ ва шаффоф тергов қилиниши муҳим эканини айтганди.

Нукус воқеаларида 21 киши ҳалок бўлгани, 243 киши яралангани хабар қилинган эди. Ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан камида 500 киши ҳибс қилинган.

Бундан аввал БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ўзбекистонга 2017 йилнинг майида келган эди. Ўшанда бу лавозимни Зайд Раад ал Ҳусайн (2014-2018 йиллар) эгаллаб турганди.

Фолькер Тюрк 2022 йилнинг октябрь ойидан бери БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари лавозимида ишлаб келмоқда.