Бош дипломат Абдулазиз Комилов Покистонга йўл олди

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 10 март куни амалий ташриф билан Покистон Ислом Республикасига боради.

ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, вазирнинг бу мамлакатдаги учрашув ва музокаралари давомида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, икки томонлама муносабатларни минтақавий алоқалар шароитида муҳокама қилиш режаланган.

Томонлар жорий йилга мўлжалланган олий ва юқори даражадаги қўшма тадбирлар жадвалини ҳам кўриб чиқадилар”, дейилган ТИВ хабарномасида.

Аввалроқ Озодлик Ўзбекистон бош дипломати Абдулазиз Комиловнинг 17 ва 18 февраль кунлари Ўзбекистонга қўшни бўлган Туркманистон, Қозоғистон ва Тожикистонга, 23 февраль куни Афғонистонга, 27 февраль куни эса Қирғизистонга, 25 февраль куни Ҳиндистонга, март ойи бошида эса Россияга боргани, сўнгги бир неча кун ичида эса Туркиядан келган делегацияга мезбонлик қилгани ҳақида хабар қилган.

Ташқи ишлар вазири А. Комиловнинг яқин хориж ўлкаларига сафарлари Ўзбекистонда президент сайлови ўтказилишига бир неча ой қолганда фаоллашди. Мазкур сайлов шу йил 24 октябрида ўтказилиши кутилмоқда.