Бош прокуратура 37 ёшли журналист Акмал Тошев ўлимига оид ҳолатни текширмоқда

Акмал Тошев

Қашқадарёлик 37 ёшли журналист ва шоир Акмал Тошев вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси маълум қилди.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов 8 март куни вафот этган журналист ўлими юзасидан Бектемир тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилаётганини қайд этди.

“Суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, А. Тошевнинг ўлими "Юрак тампонадаси, ўпка артерияси аневризмасининг ёрилиши, юрак туғма нуқсони, юрак бўлмачалари дефекти"дан келиб чиққан”, дейилган хабарномада ҳолат юзасидан текшириш давом этаётгани урғуланган.

Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида 1985 йил 6 апрелида туғилган Акмал Тошев ЎзМУнинг журналистика факультетида таҳсил олган эди. Сўнгги пайтларда у “Инсон ва қонун” газетаси ҳамда “Ҳуқуқ ва бурч” журнали бирлашган таҳририятида бош мутахассис вазифасида ишлаб келаётганди.

Бадиий ижод билан ҳам шуғулланиб келган Акмал Тошевнинг 2008 йили “Моҳият лаҳзалари”, 2011 йилда эса “Фариштали кунлар” номли шеърий тўпламлари нашр этилган.