Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Фарғона филиалида 2022/2023 ўқув йили учун абитуриентларни қабул қилиш жараёнида 145 талабаликка номзод махсус йиқитилгани аниқланди.
Бош прокуратуранинг 28 февралда маълум қилишича, касбий (ижодий) имтиҳон натижалари ўрганилганида жами 356 абитуриентнинг “ҳақиқатда тўплаган балларига сохта ёзувлар киритиш орқали, юқори балл тўплаган абитуриентларнинг талабаликка тавсия этилмай қолинганлиги аниқланган”.
Улардан 322 нафарининг олган баллари кўпайтирилган, 34 нафарининг баллари камайтирилган.
“Жумладан, велоспорт йўналишида абитуриент Д.Бакировнинг ҳақиқатда тўплаган 105,2 балли сохталаштирилиб, Давлат тест марказининг электрон маълумотлар базасига пасайтирилган 67,4 балл киритилиши оқибатида талабаликка тавсия этилмаган”, дейилади расмий билдирувда.
Текширув ва тергов ишлари натижасида ҳар бир абитуриентнинг натижалари қайта кўриб чиқилган ва улардан 145 нафари асоссиз равишда талабаликка қабул қилинмасдан қолганлиги аниқланган.
Шундан сўнг 14 февраль куни 145 нафар абитуриентни талабаликка тавсия этиш ҳақида қарор қабул қилинган. 16 февралда улар филиал директорининг қарорига аосан талабаликка қабул қилинган.
“Филиалнинг собиқ директори Р. Расулов ва қабул комиссияси масъул котиби М. Мухриддиновга нисбатан Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланди”, дейилади Бош прокуратура билдирувида.