Тошкент ҳокимияти Қўйлиқ бозори бузилиши тўғрисидаги хабарларни рад этди

Тошкент шаҳар ҳокимияти матбуотда ва ижтимоий тармоқларда Қўйлиқ бозори бузилиши тўғрисида пайдо бўлган хабарларни рад этди.

“Қўйлиқ деҳкон бозорининг тўлиқ ҳудуди давлат ва жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши кўзда тутилмаган. Асосий кириш жойи олдидаги автотураргоҳ ҳудудининг бир қисми ва бир нечта вақтинча савдо қурилмаларининг ўрни қурилиш жараёнига жалб этилади. Бунда, асосий бино ва савдо расталарининг аксарияти ўз жойида қолади. Лойиҳага кўра, жалб этиладиган ҳудуднинг умумий майдони 10 минг кв.метр атрофида бўлади.

Қўйлиқ буюм бозори ҳам тўлиқ олиб қўйилмайди. Бу ерда ҳам автотураргоҳ ҳудуди ва бир нечта вақтинча қурилмаларнинг ўрни ишларга жалб этилиб, улар учун компенсация маблағлари тўлаб берилади. Буюм бозорининг ҳам асосий павильони ўз жойида қолади. Автотураргоҳ ҳудуди билан бирга ишларга жалб этиладиган умумий майдон 6,3 минг кв.метрни ташкил этади”, дейилади расмий билдирувда.

Аввалроқ Озодлик радиоси Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 22 июнь куни “Ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига рухсат бериш тўғрисида”ги қарорни имзолагани тўғрисида хабар берган эди.

Мазкур қарорнинг иккинчи бандида “Тошкент шаҳар, Бектемир тумани, Тошкент автомобиль ҳалқа йўли бўйлаб жойлашган TRIUMVIRAT-QURILISH” МЧЖ ва “QO`YLIQ DEHQON BOZORI” ОАЖ кўчмас мулк объектларига ўрнатилган тартибда компенсация берилганидан сўнг, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига рухсат берилсин”, дейилади.

Қарорда Қўйлиқ бозорининг 52 983 квадрат метр майдони компенсация бериладиган ҳудуд сифатида қайд этилган.

Аммо Тошкент ҳокимияти матбуот хизматининг билдиришича “ОАВда келтирилаётган жадвал фақатгина объектлар ҳақидаги умумий маълумотни акс эттирган бўлиб, улар бузилишидан далолат бермайди”.