Тошкентдаги “Янгиобод” бозорида ўт чиқди

Яшнабод туманидаги Янгиобод бозорида 120 квадрат метр майдон ёниб кетган. ФВВ фотосурати.

Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги “Янгиобод” бозорида 13 февраль куни ёнғин юз берди. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг билдиришича, бозор ёнаётгани тўғрисида соат 07:48 да маълум бўлган.

“Ёнғин соат 08:11 да ўраб олинган ва соат 08:17 да бартараф этилди. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ”,-дейилади расмий хабарда.

Ёнғин оқибатида бозор ичида жойлашган ошхона, сомсахона ва расталарнинг тахминан 120 квадрат метр томи, шифти ва жиҳозлари ёниб кетган.

Ҳозирча ёнғин келиб чиқишига нима сабаб бўлгани номаълум. Ёнғин сабабини ва келтирилган зарарни аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.