Бухорода бюджет ташкилоти қарийб 65 миллиард сўмлик давлат харидини тендерсиз амалга оширган

Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси “Бухоро йўллардан мунтазам фойдаланиш" унитар корхонаси фаолиятида “Давлат харидлари тўғрисида”ги ва “Рақобат тўғрисида”ги қонун талабларининг бузилиш ҳолатларини аниқлаган.

Аксилмонополия қўмитаси матбуот хизмати маълумотига кўра, ўрганиш “Бухоро йўллардан мунтазам фойдаланиш” УК томонидан тақдим қилинган ҳужжатлар асосида олиб борилган.

Ўрганиш чоғида Бухоро ЙМФУК “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун талабларига зид равишда 2019 йилда 31 миллиард 413 миллион 366 минг 209 сўмлик, 2020 йилда эса 33 миллиард 420 миллион 96 минг 221 сўмлик (жами 6 миллион АҚШ долларидан кўпроқ - таҳр.) товарлар аукцион савдоларисиз ва хизматлар тендер савдоларисиз тўғридан-тўғри харид қилиш бўйича шартномалар имзоланиб, харидлар амалга оширилгани қайд этилган.

Аксилмонополия қўмитасининг махсус комиссияси томонидан “Бухоро йўллардан мунтазам фойдаланиш” УКга қайд этилган қонунбузарликни бартараф этиш ва келгусида мазкур қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўймаслик тўғрисида кўрсатма берилган.