Чимкентда одамларни ўққа тутгани айтилган ўзбекистонлик 15 йилга қамалди

Ўзбекистонлик Эркинжон Исмоилов Чимкентдаги суд залида, 2023 йил 2 июни

Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида одамларни ўққа тутган ўзбекистонлик Эркинжон Исмоилов суд қилинди. BaigeNews.kz нашри хабарига кўра, маҳкама жараёни жиноят ишлари бўйича туманлараро махсус судида очиқ тартибда ўтказилган.

Жорий йилнинг февраль ойида Чимкентда одамларни ўққа тутган ўзбекистонлик қўлга олингани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди. Қурол дўконига харидор сифатида кирган бу киши сотувчи аёлдан “Сайга” милтиғини кўрсатишни сўраган, кейин эса аёлнинг бошига қирқма ов милтиғини тираб, қуролни олиб чиқиб кетишга муваффақ бўлган.

Воқеа жойига етиб борган қўриқчилик хизмати ходимлари билан отишмага киришган ҳужумчи охир-оқибат маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тутиб кетилганди.

Маълумотларга кўра, Эркинжон Исмоилов судда айбига иқрор бўлган. Суд унга 15 йиллик қамоқ жазоси тайинлаш бўйича ҳукм чиқарган.

Аввалроқ Исмоилов Озодликнинг қозоқ хизматига Чимкент шаҳрига Ўзбекистоннинг Наманган вилоятидан келгани ва новвойлик билан тирикчилик қилганини айтган. Икки фарзанди борлигини айтган муҳожир оиласи унинг судланаётганини билмаслигини қайд этган.

Исмоиловга нисбатан суд ҳукми ҳали ўз кучига кирган эмас, томонлар маҳкама қарори юзасидан апелляция тартибида шикоят аризаси киритиш имкониятига эгалар.