Чироқчида йўл тўсган аёллар масаласи Сенат қўмитаси томонидан назоратга олинди

Қашқадарёнинг Чироқчи туманида бир гуруҳ аёл томонидан “Қарши-Самарқанд” йўли тўсиб қўйилиши билан боғлиқ ҳолат Олий мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси назоратига олинди. Бу ҳақда мазкур қўмита раиси Қутбиддин Бурҳонов маълум қилган.

Чироқчининг Оқтўнли қишлоғида яшовчи бир неча аёл шу йил 23 апрелида “Қарши-Самарқанд” йўлининг Хўжаобод қишлоғи ҳудудидан ўтувчи қисмини норозилик тариқасида тўсиб қўйганига оид маълумотлар аввалроқ ижтимоий тармоқларда тарқаган эди. Аёлларнинг бу норозилик ҳаракатига 21 апрель куни 1-синфда ўқийдиган қизчанинг мазкур йўлни кесиб ўтаётган пайтда Isuzu юк машинаси томонидан уриб юборилгани ортидан ҳаётдан кўз юмгани сабаб бўлган.

Қашқадарё вилоят ИИБ маълумотига кўра, ЙТҲ содир этган ҳайдовчи ўша куниёқ ҳибсга олинган.

Қайд этилишича, аёллар йўлни ўз қишлоғида мактаб қурилишини тезлаштириш, шу тариқа қумдарёлик ўқувчиларни катта трассадан кесиб ўтиш мажбуриятидан халос этиш талаби билан тўсганлар.

“Chiroqchi.uz” Телеграм-канали маълумотига кўра, уларга мактаб қурилишини тезлатиш ваъдаси Чироқчи туман ҳокимияти вакиллари томонидан ҳам, Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев томонидан ҳам берилган.

Бу ҳодисани ўз назорати остига олган Сенат қўмитаси унинг натижалари юзасидан кейинроқ батафсил ахборот беришни ваъда қилган.