Cotton Campaign халқаро коалицияси 2020 йил пахта йиғим-теримида Ўзбекистон ҳукумати аҳолини мажбурий меҳнатга жалб этмаслик йўналишида сезиларли силжишларга эришганини олқишлади. Баёнотда айтилишича, Cotton Campaign халқаро коалициясининг илғор ҳамкори бўлган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон форуми сўнгги 10 йилликда биринчи марта мамлакатнинг пахта етиштирувчи айрим туманларида бирорта ҳам мажбурий меҳнат ҳолатини аниқламаган.
Айни пайтда 2020 йил ҳосили теримида мажбурий меҳнат ҳолатлари кузатилган. Маҳаллий амалдорлар аҳолини пахта теримига чиқишга ёки иш ҳақининг бир қисмини теримчиларни ёллаш учун ўтказишга мажбурлаган. Кузатувчилар бу каби ўнлаб ҳолатларни ҳужжатлаштирган.
“Биргина мисол: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 2890 ўт ўчирувчини Қашқадарё тумани Миришкор туманига пахта теримига жалб қилиш тўғрисида буйруқ чиқарган. Ёмон шароитда яшаган ўт ўчирувчилар белгиланган миқдорда пахта тера олмай, ҳар куни маҳаллий аҳолидан пахта сотиб олишга мажбур бўлган. Бу мажбурий меҳнат кузатилмаган бошқа туманлардан фарқли равишда содир бўлган ”,-дейилади баёнотда.
Ғарб давлатларидаги ҳуқуқ ҳимоячилари¸ бизнес ва инвестиция гуруҳларидан тузилган Cotton Campaign коалицияси 2010 йили болалар ва мажбурий меҳнат эвазига терилган ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган ва бу бойкотга умумий капитали 1 триллион долларга тенг бўлган Nike, Zara, GAP, C&A, Levi's, H&M, UNIQLO каби етакчи кийим-кечак ва тўқимачилик ширкатлари қўшилган эди.
Ўзбекистонда бюджет ташкилотлари ходимларининг ихтиёрига зид равишда 2020 йилда ҳам айрим ҳудудларда пахтага мажбурлангани ҳақида Озодлик хабар берган.