COVID-19 ни даволаш бўйича хусусий касалхоналарга берилган ҳуқуқ муддати узайтирилди

Ўзбекистонда нодавлат тиббиёт ташкилотларига коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга тиббий хизмат кўрсатиш ҳуқуқи 2022 йилнинг 1 январига қадар узайтирилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур қарор Республика махсус комиссияси томонидан тегишли ташкилотлар таклифини инобатга олган ҳолда қабул қилинган.

Қайд этилишича, нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга хизмат кўрсатиш, коронавирус инфекциясига ПЗР ва экспресс-тест текширувлари ўтказиш фақатгина Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тегишли талаблар асосида амалга оширилади.

Қарор билан нодавлат тиббиёт ташкилотларига Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари билан тузадиган шартномаларига мувофиқ, даволаш ишларини амалга ошириш ва санитария қоидаларига риоя қилиш ҳамда тегишли ҳисоботларни мунтазам топшириб бориш вазифаси юклатилган.

Айни пайтда хусусий касалхоналарга коронавирус инфекцияси билан касалланган шахсларни даволаш ишларини www.bemor.ssv.uz дастурида олиб бориш мажбурияти асосида амалга ошириш белгиланган.