CPJ Ўзбекистон расмийларини Нукус воқеаларида айбланган журналистларга чиқарилган ҳукмни бекор қилишга чақирди

Нукус воқеалари бўйича Бухорода бўлиб ўтган илк суд жараёнидан лавҳа (архив сурати)

Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) Ўзбекистон расмийларини Нукус воқеалари бўйича судланмиш қорақалпоғистонлик журналистларга нисбатан чиқарилган айблов ҳукмларини бекор қилишга чақирган. Бу чақириқ CPJ Европа ва Марказий Осиё дастурининг Твиттердаги саҳифаси орқали ёйинланди.

Бухоро вилоят судида 17 март куни Нукус воқеалари иштирокчиларидан яна 39 нафарига нисбатан ҳукм эълон қилингани, судланувчилардан 28 нафари 5 йилдан 11 йилгача озодликдан маҳрум этилгани, 11 нафари эса шартли равишда суд залидан озод қилингани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Шартли равишда озод қилинганлар орасида Абдималик Хожаназаров ва Есимқан Қанаатов каби журналистлар бўлган.

Мазкур ҳукмдан бир кун аввал CPJ ўзбек расмийларига матбуот ходимларини касбий фаолияти учун судламаслик, маҳкама жараёнларида журналистлар ва уларнинг оила аъзоларини қўрқитиш ҳаракатларидан тийилиш чақириғи акс этган баёнотини очиқлаган эди.

Нукус воқеалари бўйича шу йилнинг 31 январида якунланган илк судда 22 кишига нисбатан ҳукм ўқилган, улар орасида ҳам қорақалпоғистонлик 5 нафар журналист ва блогер бўлган. Хусусан, судда асосий айбланувчи сифатида кўрилган “Ел хизметинде” нашри асосчиси Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга, Тажимуратов билан YouTube ва Telegram-каналда ҳамкорлик қилган Бахтияр Кадирбергенов ва Сейдабулла Медетов 7 йилданга қамалган, Makan.uz мустақил нашри асосчиси Лолагул Қаллиханова ҳамда “Ел хизметинде” нашрининг штатсиз мухбири Азамат Нуратдиновга нисбатан шартли жазо тайинланган.

CPJ 16 мартдаги хабарномасида мазкур журналистлар иши бўйича электрон почта орқали Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлигига изоҳ сўраб мурожаат қилгани, бироқ ҳеч қанақа жавоб ололмагани, Олий суд эса Нукус воқеаларига оид иш бўйича ёйинланганидан ортиқ маълумот тақдим этолмаслигини билдирганини қайд этган.

Нукус воқеалари чоғида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Намойишлар куч билан бостирилган, бироқ ўзбек расмийлари ҳарбийларнинг намойишчиларга қарата ўқ узганини рад этган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш қилган.

Аввалроқ АҚШ, Европа Иттифоқи, БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам ўзбек расмийларини Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга, тинч намойишчиларга қарши ҳаддан зиёд куч қўлланилганига оид иддаоларни текширишга чақирган. Аммо ҳар иккала судда ҳам айбланувчилар орасида намойиш иштирокчиларига қарши ноқонуний куч қўллаганликда гумонланган хавфсизлик кучлари ходимлари кўринган эмас.

Март ойи ўрталарида Тошкентда бўлиб, ўзбек расмийлари билан учрашган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк ҳам уларга Нукус воқеаларидан сабоқ чиқариш бўйича тавсиялар берганини айтган эди.