Omicron важидан давлат боғчаларида байрам тадбирларини ўтказишга чеклов киритилди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда давлатга қарашли мактабгача таълим ташкилотларида байрам тадбирлари ўтказилиши вақтинчалик чекланади. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги маълумот тарқатди.

Вазирлик, шунингдек, боғча ичига ота-оналар ва ташқаридан меҳмонлар киришига йўл қўйилмаслигини билдирган. Айни пайтда боғчага ташқаридан одам кириши зарур бўлган вазиятларда унда сўнгги уч кунлик ПЦР тести ва эмланганлиги ҳақида сертификати бўлиши лозимлиги урғуланган.

Мактабгача таълим вазирлиги мазкур чекловлар Ўзбекистонга Omicron штамми кириб келиши ортидан жорий этилаётганига ишора қилган. Аввалроқ тиббиётчилар мазкур штамм айниқса болалар учун хавфли эканига оид мулоҳазалари билан ўртоқлашишган.

Вазирлик хабарномасида йиғилишлар ўтказилиши учун ҳам чеклов жорий этилиши, зарур ҳолларда йиғилишларни видеоконференцалоқа режимида ўтказиш чоралари кўрилиши чекловлар бузилишига йўл қўйган шахслар тегишли тартибда жазоланиши қўшимча қилинган.