Олти ойда Ўзбекистон бюджети камомади 27 триллион сўмдан ошди

Ўзбекистон давлат бюджетининг ҳаражатлари 2023 йилнинг биринчи ярмида даромадга нисбатан 27, 4 триллион сўмга кўп бўлди. Бу билан бюджет камомади 6,18 фоизни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Олий Мажлис Қончунчилик палатасида қилган чиқишида маълум қилди.

Унга кўра, жорий йилнинг олти ойида давлат бюджети даромади 102,3 триллион сўм бўлган. Бу 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 11 фоизга кўп. Давлат бюджети харажатлари эса 129,1 триллион сўм бўлган. Бюджетнинг харажат қисми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25,3 фоизга кўпайган.

Ўзбекистон ҳукумати жорий йилда давлат бюджети 4,2 триллион сўм профицит билан якунланишини прогноз қилган эди. Бунда бюджет даромади 232,1 триллион сўм, харажат 227,9 триллион сўм бўлиши кутилаётганди.

"Давлат бюджети тўғрисидаги қонунга асосан, Ўзбекистон давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш учун фақат 2 миллиард доллар миқдоридаги ташқи қарзларни жалб қилиши мумкин. Қонунчилик палатаси депутатлари бюджетнинг бажаралиши тўғрисида саволлар бермади. Жамшид Қўчқоров эса бюджет камомадини қайси маблағлар ҳисобига қопланиши тўғрисида маълумот бермади”, - деб ёзди “Газета уз”.

2022 йилда ҳам ҳукумат давлат бюджетининг харажатлар қисмига амал қила олмаган эди. Ўшанда Олий Мажлис бюджет харажатларини 2 миллиард долларга кўпайтириш тўғрисида қарор қабул қилган.