Давлат ташкилотлари ходимлари бепул концертга боради. Ўқувчиларга мусиқа чалиш мажбуран ўргатилади

Бундан буён ҳар уч ойда бир марта давлат ташкилотлари ходимлари концертга, цирк ва театр томошаларига бепул олиб борилади. Улар учун чипта пуллари бюджетдан ташқари ҳамда касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан тўланади. Бу борада Шавкат Мирзиёев “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қарорга асосан ходимларни “маданий ҳордиқ чиқаришини” таъминлаган юридик шахслар чипталар учун сарфлаган пулларига тенг равишда фойда солиғи ва ягона солиқ тўловидан озод этилади.

Айни қарор билан 2022/2023-ўқув йилидан бошлаб мактабларда ҳар бир ўқувчига миллий мусиқа чолғуларидан камида биттасини чалиш ўргатилади. Ўқувчининг қайси мусиқа асбобини чала олиши уларнинг шаҳодатномасида қайд этилади.

2023/2024-ўқув йилидан бошлаб мусиқа ўқитувчиларидан миллий чолғулардан камида учтасини чала олиш маҳоратига эга бўлиши талаб этилади.

2022−2024-йилларда Ўзбекистондаги 10130 та мактаб, 323 та болалар мусиқа мактаби, 826 та маданият маркази 7 турдаги миллий чолғулар билан 3 тўпламдан таъминланади. Бунинг учун бюджетдан 205 миллиард сўм ажратилади.