Деҳқонободдаги автоаварияда 5 киши ҳалок бўлди

Тошкентда содир этилган авариялардан бири. Иллюстратив сурат.

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида 1 январь куни соат 13:00 ларда содир бўлган автоаварияда 5 киши вафот этгани тўғрисида вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Расман билдирилишича, Алмати-Тошкент-Термиз халқаро М39 автомобил йўлининг Деҳқонобод туманидан ўтган қисмида 31 ёшли ҳайдовчи А.М., ёмғир ёғаётган пайтда Cobalt машинаси бошқарувини эплай олмай, бетон тўсиққа урилган.

Авария оқибатида ҳайдовчи ва машинадаги 4 йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлган. Мазкур ҳодиса юзасидан дастлабки тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистонда автоҳалокатлар оқибатида ҳар йили мингдан ортиқ киши ҳалок бўлади. Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов 7 октябрь куни Ўзбекистонда 2021 йил бошидан октябргача содир этилган 6551 та йўл-транспорт ҳодисасида 1682 киши ҳалок бўлгани ҳақида билдирган.

2020 йилда эса йўл-транспорт ҳодисаларида 1962 киши қурбон бўлди.