Ўзбекистондан Қирғизистонга 1,6 миллион долларни ноқонуний чиқармоқчи бўлганлар ушланди

Наманган ва Андижонда Қирғизистонга ноқонуний равишда 1 миллион 641 минг 106 долларни ноқонуний чиқармоқчи бўлганлар қўлга олингани тўғрисида ДХХ 2 февраль куни маълум қилди.

Расман билдирилишича, ДХХнинг Наманган ва Андижон вилоят бошқармалари ўтказган қўшма амалиёт чоғида “Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида яшовчи шахс бошқариб бораётган “Дамас” тўхтатилган”.

30 ёшли ҳайдовчининг “Дамас”идан 968 минг 900 доллар топилган ва “процессуал тарзда мусодара қилинган”.

“Айни пайтда унинг аввал судланган шериги, 1964 йилда туғилган ва уни қурилиш материаллари бозорида кутиб турган шахс ҳам қўлга олинди. Унинг "Дамас"ида 672 минг 206 доллар топилган ва мусодара қилинган",-дейилади билдирувда.

Таъкидланишича, ДХХ мазкур "жиноий гуруҳ"нинг раҳбари сифатида 1974 йилда туғилган ва шу кунгача Тошкент ва Андижонда яшаб келган Қирғизистон фуқаросини ва гуруҳнинг жами 5 аъзосини ҳам ушлади.

Мамлакатдан 1 миллион 641 минг 106 доллар маблағнинг хорижга чиқиб кетишининг олдини олганини иддао қилаётган ДХХ хабарида мазкур ҳодиса юзасидан Жиноят Кодексининг 182-моддаси 2-қисми «а» пункти бўйича жиноят иши очилгани таъкидланди.