Ўзбекистон дори ва электротехника ишлаб чиқаришга 700 миллион доллар йўналтирмоқчи

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда йилига 1,6 миллиард долларлик дори-дармон истеъмол қилинади. Бунда маҳаллий маҳсулотлар улуши бор-йўғи 18 фоизни ташкил қилади, эҳтиёжнинг қолган қисми эса импорт ҳисобидан қопланаяпти. Президент Шавкат Мирзиёев бу ҳақда 28 ноябрда ўтган йиғилишда маълум қилди.

Мирзиёевнинг айтишича, охирги олти йилда фармацевтика соҳасида ишлаб чиқариш 3 баробар, экспорт 6 баробар кўпайган. 525 миллион долларлик 177 та лойиҳа ишга тушиб, жами 50 мингта иш ўрни яратилган. Лекин бу аҳоли эҳтиёжини тўлиқ қопламаяпти.

Шундан келиб чиққан ҳолда, президент энг кўп истеъмол қилинадиган 50 турдаги дорини Ўзбекистонда ишлаб чиқариш орқали маҳаллийлаштириш улушини 35 фоизга етказишга кўрсатма берди. Бунинг учун 600 миллион доллар йўналтирилади.

Хабарда айтилишича, йиғилишда мутасаддилар 2024 йилда 400 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши, 160 миллион доллар экспорт таъминланиши бўйича ахборот берган.

Йиғилишда электротехника саноатига доир масалалар ҳам кўриб чиқилди. Президентга кўра, бу соҳада 640 миллион долларлик 224 та лойиҳа ишга туширилган. Бу йил якунида экспорт 1 миллиард долларга етиши кутилмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон йилига 800 миллион долларлик электротехника товарларини импорт қилмоқда.

Мирзиёевга кўра, электротехника саноатини ривожлантириш учун нуфузли брендлар билан ҳамкорлик ўрнатиб, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш зарур.

“Келгуси йилга мўлжалланган 2 миллиард долларлик 141 та лойиҳада бунга алоҳида эътибор қаратилади”,-дейилади расмий хабарда.

Соҳада илғор технология, инновация ва халқаро стандартларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион доллар йўналтирилиши белгиланди.

“Мутасаддилар келгуси йилда ишлаб чиқаришни 20 фоизга ошириш, мисни қайта ишлаш ҳажмини 140 минг тоннага олиб чиқиш режаларини баён этди. Шунингдек, экспортни 1,5 миллиард долларга, 2025 йилда 2 миллиард долларга етказиш имконияти борлиги қайд этилди”, дейилади хабарда.