ДТМ бу йил ҳам тест синовлари стадионларда ўтказилиши мумкинлигини истисно қилмаяпти

Олий таълим муассасаларига кирмоқчи бўлган абитуриентлардан очиқ майдонларда тест олиш тажрибаси Ўзбекистонда ўтган йили қўлланилган

Ўзбекистонда бу йил олий таълим муассасаларига кирмоқчи бўлган абитуриентлар 2021/2022-ўқув йили учун тест синовларини ўтган йилдаги каби стадион ва хиёбонларда топширишлари мумкин. Бу ҳақда Давлат тест маркази бошқарма бошлиғи Фарҳод Мирзаев 18 март куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилган.

Мулозимга кўра, ҳозирда ДТМ томонидан тестларни ўтказиш бўйича икки хил сценарий устида иш олиб бориляпти. Булардан бири тест синовларини анъанавий шаклда катта сиғимли биноларда ўтказиш бўлса, иккинчиси пандемия шароитида тест синовларини 2020 йилдаги каби очиқ майдонларда ўтказиш сценарийсидир.

Ф. Мирзаев бунинг учун тест синови ўтказиладиган жойлар танланиб, режа-чизмалари тайёрлангани, 50 минг 460 нафар абитуриент учун мўлжалланган 103 та катта сиғимли ёпиқ бино, 60 минг 570 нафар абитуриентга мўлжалланган 66 та стадион ва хиёбон ҳозирланаётганини билдирган.

ДТМ мулозимига кўра, бу йилги тест синовларида 1 миллион 600 минг чоғли абитуриент иштирок этиши кутиляпти.

Ф. Мирзаев жорий йилда абитуриентларни рўйхатга олиш Давлат тест марказининг расмий веб-сайти ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали онлайн амалга оширилишини қўшимча қилган.