Душанбега сафари доирасида Мирзиёев Эрон президенти билан учрашди

Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёев Эрон президенти И. Раисий билан, Душанбе, 2021 йил 16 сентябри (president.uz фотоси)

Тожикистон пойтахтига ташрифи доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Эрон президенти Иброҳим Раисий билан учрашув ўтказди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашув чоғида Мирзиёв билан Раисий минтақа кун тартибидаги масалаларни, шу жумладан Афғонистонда вужудга келаётган вазиятдан келиб чиққан ҳолда кўриб чиққанлар.

Президентлар суҳбатида икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган, савдо-иқтисодий алоқалар суръатини давом эттириш ва янги “ўсиш нуқталари”ни аниқлаш мақсадида қўшма Ҳукуматлараро комиссия ишини фаоллаштиришга келишиб олинган.

Учрашув пайтида “йўл харита”си асосида саноат кооперациясини кучайтириш истиқболлари ҳамда икки мамлакат транзит салоҳиятини самарали ишга солиш имкониятлари ваколатли идоралар даражасида пухта ўрганилиши қайд этилган.