Экология қўмитаси: “Мақом маркази” қурилаётган ҳудудда 60 чоғли дарахт қуриб қолган

"Мақом маркази" қурилаётган ҳудуддаги чиқиндилар (Давлат экология қўмитаси фотоси)

Тошкентнинг Шайхонтоҳур тумани Олмазор кўчасидаги “Мақом маркази” қурилаётган ҳудудда 58 та қурувчиларнинг бепарволиги туфайли 58 та дарахт қуриб қолган. Бу Давлат экология қўмитаси ҳамда ҳамкор ташкилотлар мутасаддилари иштирокида яқинда ўтказилган рейд чоғида маълум бўлган.

Қўмита қайдича, тезкор ўрганиш жараёнида қурилиш ишларини олиб бораётган “Kosonsoy Bunyod Qurilish” МЧЖ томонидан Тошкент марказидаги (Ўзбекистон давлат консерваторияси билан “Пахтакор” стадиони ораси) мазкур ҳудуд тегишли рухсатномасиз ўраб олингани, бетон қориш қурилмаси экспертиза хулосасисиз жойлаштирилгани, яшнаб турган жойда қўй ва товуқлар боқилаётгани аниқланган.

“Қурилиш учун ажратилган ер майдонида ўсимлик дунёсига, аниқроғи 4 та дарахтга етказилган зарар миқдори қарийб 7 миллион сўм миқдорида ҳисобланди. Маданият вазирлигига қарашли ҳудудда эса етказилган зарар (58 та дарахт) миқдори эса салкам 243 миллион сўмдан иборат. Жами 62 туп ҳар хил турдаги манзарали ва мевали дарахтларга зиён келтирилган бўлса, шундан 6 таси кесиб ташланган”, дейилган экология қўмитаси хабарномасида.

Экологлар рейд ортидан енгил конструкцияли девор олиб ташлангани, 78 нафар ходим ва 7 та махсус техника ҳамда механизмлар жалб қилиниб, ҳудуд чиқиндилардан тўлиқ тозалангани, ҳудудни суғориш тизимини таъмирлаш ишлари бошлаб юборилганини маълум қилишган.

Ўзбекистонда Мақом санъати маркази мамлакат президентининг 2017 йил ноябридаги қарори асосида тузилган. Қурилиши 2022 йилда битказилиши мўлжалланган “Мақом маркази” биноси учун бюджетдан 93 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратиш кўзда тутилган.