Экология вазирлиги: Қашқадарёда “Тўпаланг холдинг” масъуллари томонидан 150 та дарахт ноқонуний қўпорилган

Қашқадарёда To‘palang HPD Holding вакиллари томонидан қўпорилган дарахтлар (Экология вазирлиги фотоси)

To‘palang HPD Holding МЧЖ масъуллари "Денов-Новқат" каналини реконструкция қилиш жараёнида канал қирғоғига экилган жами 150 та дарахтни илдизлари билан қўпориб ташлашган.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати қайдича, бу ҳолат Қашқадарё вилояти Экология бошқармаси томонидан Касби туманида ўтказилган рейд тадбирлари чоғида аниқланган.

Вазирлик дарахтларга қирон келтириш билан To‘palang HPD Holding вакиллари мамлакат президентининг “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони талабларини бузганига эътибор қаратган.

“Дарахтларни кесиш ёки кўчириб ўтқазиш бўйича амалдаги тартибларга риоя этилмаган ва мурожаат қилинмаган”, дейилган хабарномада.

“Тўпаланг”чилар томонидан дарахтлар кесилиши натижасида ўсимлик дунёсига 1 миллиард 165 миллион 350 минг сўм зарар етказилган.

“Ҳужжатлар етказилган зарарни ундириш ҳамда айбдорларга қонуний чора кўриш мақсадида Қашқадарё вилояти прокуратурасига юборилди”, дейилган Экология вазирлиги хабарномасида.