Ўзбекистондаги “техник муаммо” оқибатида Афғонистоннинг 15 вилоятида электр тақчиллиги юзага келди

Иллюстратив сурат.

Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш мажбуриятини олган Ўзбекистондаги техник носозликлар юз бергани туфайли пойтахт Кобулда электр тақчиллиги юзага келди, деб билдирди 29 декабрь куни афғон миллий электроэнергия ширкати Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS).

Расман билдирилишича, Кобулдан ташқари Ўзбекистондан ўтказилган электр тармоғи йўналишида бўлган яна 15 вилоятда электр таъминоти камида 50 фоизга озайди.

“Ширкат расмийлари Ўзбекистон энергетика тармоғи раҳбарлари билан бу масалада боғланишга ва муаммони тезроқ ҳал этишга ҳаракат қилмоқда”,-дейилади хабарда.

Расмий билдирувда Ўзбекистонда қандай техник носозлик юзага келгани қайд этилмаган. Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва Ҳукумати ҳам бу борада бирон тушунтириш бермади.

Ўзбекистон Афғонистонга электр қуввати етказиб берувчи энг йирик қўшни давлатдир.

"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" Акциядорлик жамияти 2019 йилнинг 25 декабрида Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) билан шартнома имзолаб, афғон энергетика компаниясига ҳар йили 6 миллиард кВт / соатгача электр энергиясини 10 йил муддатга тўлаш шарти билан етказиб келмоқда.

Ўзбекистондан Афғонистон истеъмолчиларига электр энергияси етказиб бериш ҳажми суткасига тахминан 35 МВтни ташкил этади.