Энди суд тизими харажатлари фақат бюджетдан қопланади

Ўзгаришдан кўзланган мақсад суд ҳокимиятининг "тўла мустақиллигини таъминлаш" экани айтилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 15 январдаги Фармони талабига асосан, яқин келажакда Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, Олий суд, қуйи судлар судьялари, Судьялар олий мактаби ва уларнинг аппарати ходимлари, Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг иш ҳақлари ва қўшимча тўловлари тўлиғича Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Шу йилнинг октябрига қадар тизим таъминоти учун Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳам йўналтирилади, аммо октябрдан бошлаб тўлиқ давлат бюджети таъминотига ўтилади.

“Мазкур амалиётдан кўзланган мақсад суд ҳокимятининг тўла мустақиллигини таъминлаш ва тизимнинг қайсидир молия манбаларига қарамлигини бартараф қилишдан иборатдир”, - деди Судьялар Олий кенгаши вакили Озодликка.

Шу пайтга қадар судлов тизимининг айрим институтлари, судларнинг моддий техник базаси ва тизим вакилларини рағбатлантириш айрим молиявий жамғармалар ҳиссасига тўғри келган.