Фарғона водийсида газ заправкалари қайта иш бошлаши кутилмоқда

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида кейинги ҳафтадан бошлаб газ заправкалари фаолияти босқичма-босқич қайта тикланади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълум қилди.

Расмий билдирувда айтилишича, бу газ қувурларида табиий газ босимининг кўтарилиши билан боғлиқдир. Вазирлик билдирувидан англашинишича, гап газ заправкалари фаолиятининг тўлақонли тикланиши тўғрисида бораётгани йўқ.

“Қувурларда газ босимини бир меъёрга келтириш ва ушбу меъёрни сақлаб туриш учун АГТКШлар қисқа вақт оралиғида режа-график асосида фаолият юритиб боради”, дейилади Энергетика вазирлиги билдирувида.

Ҳар йилгидек жорий йилдаги қиш мавсумида ҳам Ўзбекистонда энергетик инқироз кузатилди. Бунинг ортидан электр ва газ таъминотига чекловлар киритилди.

“Ўзтрансгаз” 9 ноябрдан об-ҳавонинг совиб кетиши ортидан аҳоли ва стратегик аҳамиятга эга корхоналарни газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари иши вақтинчалик чекланиши ҳақида билдирганди.

Ҳудди шу куни Энергетика вазирлиги ҳам совуқ тушиши ортидан Фарғона водийсида электр таъминотида “қисқа муддатли узилишлар” юзага келаётганини билдирди.

Шавкат Мирзиёев 2016 йил декабридаги президент сайловлари арафасида аҳолининг электр ва газ муаммосини ҳал қилишга ваъда берган эди. Аммо ўтган вақт мобайнида, айниқса, куз-қиш мавсумида аҳолининг электр ва газ муаммоси долзарблигича қолмоқда.