Линклар

Шошилинч хабар
17 июл 2024, Тошкент вақти: 19:02

Энергетика инқирози: Йирик корхоналар газдан узилмоқда, метан газга километрлаб навбатлар


Ўзбекистон туманидаги Шўрсув саноат зонасидаги корхоналар ҳам газдан узилгани оқибатида ўн мингдан ортиқ одам ишсиз қоляпти.
Ўзбекистон туманидаги Шўрсув саноат зонасидаги корхоналар ҳам газдан узилгани оқибатида ўн мингдан ортиқ одам ишсиз қоляпти.

Ўзбекистонда ҳаво совиб кетиши билан газ тақчиллиги янада кучайди. Йирик ишлаб чиқариш корхоналари газдан узилиб, минглаб одам ишсиз, маошсиз қолаётгани хабар қилинмоқда.

Пойтахт Тошкент дохил, республиканинг аксар ҳудудларида автомобилларга метан газ қуйиш шохобчаларининг аксарияти ёпилган, автомобилларнинг бир неча километрга чўзилган навбатлари пайдо бўлди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги “метан заправкалари” ёпилиши тўғрисидаги баёнот берди. Шу пайтгача пойтахт “заправка”ларида бундай ҳолат кузатилмаган.

Йўловчи ташувчи автомобилларнинг камайгани боис йўлкира нархлари қимматлади, Тошкент транспорт тизими коллапсга юз тутгани айтилмоқда.

Ўзбекистон туманининг Шўрсув саноат зонасидаги корхоналар газдан узилди. Ўн мингдан ортиқ одам ишсиз қоляпти.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:49 0:00

Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги Шўрсув саноат зонасидаги корхоналар ҳам газдан узилди. Бу саноат зонасидаги қурилиш моллари - цемент, гипс, гипсокартон каби маҳсулотларни ишлаб чиқарадиган ўн мингдан ортиқ одам ишсиз қоляпти.

Шўрсув саноат зонасидаги цемент ишлаб чиқариш цехининг бошлиғи Азизхон Тўйчиевнинг айтишича, саноат зонасидаги корхоналарнинг газдан узилгани 50 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётини таҳлика остига қўяди:

“Ўн мингта одамнинг ортида 50-60 мингта одам туради. Ҳар битта ишчилининг уйида 3-5тадан боласи, ота-онаси бор. Бу одамларнинг асосий таъминоти ана шу ишчилар ортидан эди. Энди шунча одамнинг оч қолиши ёки қаҳратон қишда қийналиш хавфи пайдо бўлди. Чунки бизнинг Ўзбекистон туманида бошқа саноат корхоналари йўқ, кўпчилик шу ерда ишлаб тирикчилик қилади”.

4 декабрь куни ўзбекистонлик блогер Олимжон Ҳайдар ҳам корхонада бўлиб, норозилик акциясига йиғилган завод ишчиларидан интервью олди. Усмонжон исмли ишчи унинг оиласи қийналиб қолишидан хавотирда:

“Беш йилдан буён бўлмаган нарса бўлди, ҳозир. Газдан узиб қўйишди. Мен энди хўжалигимни қайндай боқаман? Қўшнимнинг товуғини ўғирлаб ейманми? Ёки ҳокимият менга ун-ёғ бериб қўярмиди? Уларнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди, иссиқ кабинетда столда ўтиришни билади, холос”

Шодиёр исмли ишчи эса “Янги Ўзбекистон” атамаси бугунги кунга мос тушмаслигини айтади:

“Янги Ўзбекистондан нима наф кўряпмиз. Мен энди нима қилай Россияга борайми, Америкага борайми, қаерга борай. Ота-онамни боқишим керак, уйланишим керак, тўй қилишим керак. Ўзбекистон жаннат диёр дейди, нимаси жаннат буни ҳозир. Охири борми бу нарсаларни, қачон тўхтайди, қачон одамга ўхшаб ишлаб яшаймиз?”

“Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг Фарғона вилояти филиалининг газ таъминоти бўлимларига юборган “тезкор топшириғи”да 20 ноябрдан бошлаб оҳак, ценмент, асфальт-бетон, гипс ва ғишт ишлаб чиқарувчи корхоналарида табиий газ етказиб бериш тўхтатилишини айтар экан, “аҳоли кайфиятига бевосита таъсир қиладиган корхоналар” бундан мустасно эканлиги таъкидланади.

"Ҳудудгазтаъминот" АЖ топшириғи.
"Ҳудудгазтаъминот" АЖ топшириғи.

“Аҳоли кайфиятига” таъсир қилувчи корхоналар қанақа бўлиши мумкинлиги хатда очиқланмаган.

Шўрсув саноат зонасидаги гипс ишлаб чиқарадиган цех бошлиғи Рустам Юсупов ишсиз ва оч қолишдан бошқа яна нима аҳолининг кайфиятига таъсир қилиши мумкинлигидан таажжубда эканлигини айтади:

“Бу ерда аҳолига жуда ҳам таъсир қиладиган ҳолат бўляпти. Шўрсув саонат зонаси тўртта туманнинг ўн мингга яқин аҳолисини иш билан таъминлаб турган эди. Энди шунча одам ишсиз қолди. Одамлар вилоят ҳокимига борамиз деб ғалаён кўтаришмоқчи, биз тўхтатиб турибмиз”.

Тадбиркорнинг айтишича, Фарғона вилоятидаги экспорт шартномалари бор барча корхоналар газдан узилган бўлса-да, KNAUF корхонаси тўлиқ газда ишламоқда.

Иқтисодчи Отабек Бакиров ҳам газ тақчиллиги юзага келган бу кунларда Ўзбекистоннинг “ижтимоий тенгсизлик картаси” ҳақида гапиради. Яъни бой маҳаллаларга газ ҳам, свет ҳам бору, “қўли юпқа” маҳаллаларда эса узилган:

“Қишки боғ, иситиладиган бассейн, сауналарга эга, киборлар, топ чиновниклар яшайдиган Қорасув, бойлик мақоми манзили, ўзбек Рублевкаси бўлган Амир Темур маҳаллаларида свет, газ узилишлари бўлгани йўқ. Қайтанга улар энг кўп энергия истеъмолчилари ҳам. Демак, энг субсидия олувчилар ҳам шу ерда.

Бир неча километр нарироқда, Қибрайнинг сал қўли юпқа маҳаллаларида эса бутунлай бошқа манзара. Кечадан ўчган таъминот, узилишда, ўчишда давом этмоқда.

Ҳозир таъминотдан узилишлар ва ўчишлар картаси тузилса, шу картадан бемалол Ўзбекистонда ижтимоий тенгсизлик картаси сифатида фойдаланиш мумкин”.

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати табиий газ қазиб чиқариш ҳажмлари камайиши кузатилаётганини айтар экан, унинг ҳажмларини ошириш юзасидан зарур чоралар кўрилаётгани ҳақида ёзди.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров Энергетика вазирлигининг бу баёнотига ўзининг Фейсбук саҳифасида бундай шарҳ қолдирди:

“Айнан шундай бўлишини мен анчадан бери гапириб келаётган эдим.

Қишда қандай чоралар кўриш мумкин газни қазиб олиш хажмини оширишга?

7-8 ой иссиқ кунларда нима билан шуғулландинглар?

Атайлаб ҳаммани бурчакка тақаб, импорт қилинадиган газни ягона чора қилиш биланми? Атайлаб хукуматни мажбурлаяпсизларми?!

Молия вазири нега фақат субсидия тўлаш билан банд?!

Нега соҳани ичига кирмайди? Нега ички ишлаб чиқаришни ошириш ишларини йил бошидан амалга оширмайди?

Эссиз халқим, эссиз давлат қудрати!”

Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги матбуот хизмати раҳбари Шерали Сатторовнинг айтишича, истеъмолчилардан табиий газ бўйича 1086та, электр энергияси бўйича 1200та ариза келиб тушган. Лекин аризаларнинг аксарияти газ ва электр энергиясидаги қўшиб ҳисоблаш ҳақида бўлган.

Шерали Сатторовнинг айтишича, газ ва электр бўйича тушган аризаларни агентлик судга оширганда, суд Энергетика вазирлигининг хулосасини талаб қилиши жуда кулгули ҳолдир:

“Ҳозир биз ўрганиш олиб боряпмиз. Аввалги йил ҳам шундай ўрганиш олиб бориб ҳудудий электр тармоғини судга берганмиз. Судга хулосани Энергетика вазирлиги беради, у ўзини-ўзи сотмайдику. Шуниси жуда ҳам ғалати. Энг аввало монопол ташкилот манфаати назарга олиняпти”.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йилнинг 21 октябрида Жиззахдаги сайловчилар билан учрашувда чет давлатларга газ сотилмаётганини маълум қилган эди:

"Биз ҳозир газ сотмаяпмиз. Аксинча газни хориждан сотиб олишга тайёрмиз. Чунки саноат ривожланяпти. Газ — келажак авлодга қоладиган мерос. Нега буни шартномага қўл қўйиб сотиб юбориш керак? Мана ҳозир Қашқадарёдаги GTL заводи ишга тушишга тайёр, аммо шошилмаяпмиз. Дунёда фақат 5 тагина давлатда газдан нефть чиқарадиган завод бор. Биз энди газни хомашё кўринишида сотмаймиз, қўшимча қиймат яратадиган маҳсулотга айлантирамиз".

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ҳам икки ҳафта олдин газ экспорти тўхтатилганини маълум қилган эди.

Аммо, Газета.уз нинг Ўзбекистон давлат статистика қўмитасига таяниб ёзишича, 10 ой давомида Ўзбекистон 841 млн долларга 4 млрд кубометр газ экспорт қилган. Бу мамлакатдаги умумий ишлаб чиқаришнинг деярли ўндан бир қисмидир. Газнинг деярли бутун ҳажми Хитойга юборилади, аммо икки мамлакат статистикаси бир-бирига тўғри келмаяпти.

Газ ва электр энергияси тақчиллигидан ўрта ва кичик бизнес ҳам катта зарар кўрмоқда, бу корхоналарда ишлаётган минглаб одам ишсиз қолмоқда.

Ўзбекистондаги минерал ўғитлар ишлаб чиқарадиган йирик заводлардан бири “Фарғонаазот” АЖ ҳам 10 ноябрда ишлаб чиқаришни тўхтаган,бунга корхона истеъмол қиладиган табиий газ етишмовчилиги сабаб бўлган эди.

Шавкат Мирзиёев 2016 йил декабридаги президент сайловлари арафасида аҳолининг электр ва газ муаммосини ҳал қилишга ваъда берган эди. Аммо ўтган вақт мобайнида, айниқса, куз-қиш мавсумида аҳолининг электр ва газ муаммоси долзарблигича қолмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG