Энергетика вазирлиги “Газпром” билан имзоланган “йўл харитаси” бўйича тушунтириш берди

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва Россиянинг “Газпром” компанияси ўртасида газ соҳасидаги ҳамкорлик бўйича 24 январь куни имзоланган “йўл харитаси” мамлакат мустақиллигига ҳеч қанақа таҳдид солмайди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги томонидан 25 январь куни тарқатилган баёнотда билдирилган.

Вазирлик матбуот хизмати қайдича, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов билан “Газпром” раҳбари Алексей Миллер ўртасида ўтказилган музокаралар чоғида Россиядан Ўзбекистонга табиий газ етказиб беришнинг техник имкониятлари муҳокама қилинган.

Имзоланган “Йўл харитаси”га мувофиқ, томонлар ўртасида тузилган ишчи гуруҳ Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудидан ўтувчи “Ўрта Осиё – Марказ” газ қувури орқали газ транзитини амалга ошириш учун зарур бўладиган техник чора-тадбирларни ва ўрганишни келишиб олинган.

Шуни алоҳида таъкидаш лозимки, олиб борилган музокаралар ҳамда “йўл харитаси”да Ўзбекистон Республикасининг мавжуд газ транспорти тизимига эгалик ҳуқуқини тўлиқ сақлаган ҳолда ички бозорга табиий газ зарур миқдорларда етказиб бериш мақсад қилинган. Бунда газ транспорт тизимининг кимгадир берилиши ёки суверенитетимизга қандайдир таҳдид умуман йўқ”, дейилган Энергетика вазирлиги баёнотида.

Вазирлик томонидан берилган ваъдага кўра, “келгусида ушбу йўналишдаги барча ишлар Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини тўлиқ ҳимоя қилган ҳолда амалга оширилиб, натижалари юзасидан доимий равишда жамоатчиликка маълум қилиб борилади”.

Аввалроқ “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов Энергетика вазирлиги ва “Газпром” ўртасида имзоланган “йўл харитаси” мазмунини очиқлаш чақириғи билан чиққан эди. У мазкур ҳужжат мазмунининг очиқланмаётгани Ўзбекистон энергетика тизими мустақиллигига таҳдид дея қаралаётган "Газ иттифоқи" лойиҳаси томон қўйилган қадам сифатида талқин қилинаётгани ва бу ҳолат ўзбек жамоатчилиги орасида турли саволларни пайдо қилаётганини қайд этган.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Россия Қозоғистон ва Ўзбекистон билан “газ иттифоқи” тузишга қизиқиш билдираётгани ҳақида маълумот пайдо бўлган. Бу эса жамоатчилик орасида “Россия Ўзбекистондаги газ тизими назоратини тўлалигига ўз қўлига олиб, шу орқали Тошкентга сиёсий босим ўтказишга уринмоқда” қабилидаги талқинлар урчишига сабаб бўлган эди.

Ўша пайтда энергетика вазири Мирзамаҳмудов Ўзбекистон газ эвазига сиёсий шартларга кўнмаслиги, Россия билан газ етказиб беришга оид шартнома эса, агар шундай шартнома тузилгудек бўлса, ҳали иттифоқ тузилишини англатмаслигини урғулаганди.

Европа Иттифоқи мамлакатлари Россияни газдан сиёсий босим ва шантаж воситаси ўлароқ фойдаланаётганликда айблаб келишади. Кремль бу айбловларни рад этган.