Энергетика вазирлиги: Метан заправкаларга киритилган чекловлар бекор қилинади

Ўзбекистондаги метан заправкаларидан бири.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги метан заправкалар фаолиятига киритилган чекловлар 22 февралдан бошлаб маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган режа асосида босқичма-босқич бекор қилинишини билдирди.

Расмий маълумотда таъкидланишича, 17 февралда заправкалар фаолиятининг чекланишига сабаб бўлган Бухоро вилоятидаги «Л-Газли-1» ва «Л-Газли-2» юқори кучланишли электр узатиш тармоқларидаги носозлик 21 февраль 15:10 да тўлиқ бартараф этилган.

Бунинг оқибатида “газ қувурларида газ айланиши бироз мувозанатлашиб, энергоблокларга газ етказиб беришда тўсиқлар камайган”

Метан заправкалар фаолиятига навбатдаги чеклов 18 февраль куни киритилганди.

Ҳукумат расмийлари 2023-2024 йилдаги қиш мавсумида электр ва газ таъминотидан муаммо бўлмаслиги, аварияларга йўл қўймаслик учун қатор чоралар кўрилганини билдирган эди. Аммо шунга қарамай, газ ва электр етишмовчилиги бу йил ҳам сезиларли даражада кузатилмоқда.

Жумладан, Озодлик ўтган йилнинг 12-20 декабрь кунлари ҳавонинг совиб кетиши ортидан газ босимининг пасайиши ва электрнинг огоҳлантирмасдан ўчирилиши оқибатида кўплаб иссиқхоналарда етиштирилаётган помидор, бодринг, қалампир каби экинларни совуқ ургани ҳақида хабар берганди.

Бунинг оқибатида тадбиркорлар кўрган зарарнинг миқдори борасида ҳозирча расмий ҳисоб-китоблар йўқ.