Энергия муаммосини ҳал этиш учун Бош вазир раислигида ишчи гуруҳ тузилди

ЎзАнинг 8 декабрда хабар беришича, президент Шавкат Мирзиёев топшириғига асосан, Бош вазир Абдулла Арипов раислигида энергия муаммоларини тезкор ўрганиш ва ҳал қилиб бориш бўйича ҳукумат ишчи гуруҳи тузилади.

Ишчи гуруҳга энергия тақчиллиги муносабати билан юзага келган вазиятни қисқа муддатларда чуқур таҳлил қилиш ва аниқланган камчиликларни бартараф қилиш бўйича тезкор чоралар кўриб бориш вазифаси юкланди.

Бундан ташқари гуруҳ электр ва газни биринчи навбатда аҳолига етказиб бериш заруриятини эътиборга олган ҳолда, мавжуд энергия ресурсларини мувозанатли тақсимлаб боради ва назорат қилади.

Гуруҳга муқобил энергия билан аҳолини ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз таъминлаш ишларини жадаллаштириш, ижтимоий объектларнинг барқарор фаолият юритишини таъминлаш учун зарур маблағларни ажратиш, уларнинг мақсадли ишлатилишини назорат қилиш, энергия тақчиллиги ва унинг оқибатида юзага келадиган салбий оқибатлар, айниқса иқтисодиётга таъсирини камайтириш мақсадида, комплекс чора-тадбирлар кўриш юзасидан асосланган таклифлар ишлаб чиқиш ва кўриб чиқиш вазифаси ҳам юклатилди.