Энергия манбаларидан ноқонуний фойдаланганлар беш йилгача қамалиши мумкин

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд электр энергияси, табиий газ, совуқ ёки иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёхуд ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш йўли билан талон-торож қилиш бундан буён ўғрилик ўлароқ малакаланиши ва мазкур ҳуқуқбузарликни содир этганлар 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Бу борада Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга оид қонун мамлакат президенти томонидан 13 март куни имзоланган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчага мувофиқ, ушбу ҳуқуқбузарликни оз миқдорда содир этган шахслар маъмурий чора сифатида БҲМнинг 10 бараваридан 20 бараваригача (3 миллион сўмдан 6 миллион сўмгача) жаримага тортилишлари ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олиниши мумкин.

“Энергия ресурсларидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Сенати томонидан 3 март куни тасдиқланган эди.

Бундан бир ой муқаддам президент Мирзиёевнинг “Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинган. Унда электр энергияси, газ ҳамда водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш орқали талон-тарож қилиш ҳолатларини ўғрилик жинояти сифатида белгилаш кўзда тутилган эди.