Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Эроннинг қатор ҳудудларида юз берган кучли сув тошқинлари оқибатида одамлар қурбон бўлгани ва катта талафотлар етказилгани муносабати билан президент Иброҳим Раисийга ҳамдардлик билдирди.
Президент матбуот хизматининг билдиришича, Шавкат Мирзиёев вафот этганларнинг оила аъзолари ва яқинларига таскин-тасалли сўзларини етказишни сўради, жароҳатланганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади.
1 август куни Эроннинг 31 та вилоятидан 20 тасидаги 111 шаҳар ва 310 қишлоқда кучли ёмғир ёғиши оқибатида сув тошқинлари юз бергани хабар қилинган эди.
Расмийларнинг билдиришича, сув тошқинлари оқибатида 69 киши ҳалок бўлди, 45 киши бедарак кетди. Қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда. Қурбонлар ва бедарак кетганлар сони яна кўпайиши эҳтимол.