Ўзбекистон ва Эрон 15 та шартномани имзолади. Мирзиёев оятуллоҳ билан учрашди

Шавкат Мирзиёев Эрон президенти Иброҳим Раисий билан 18 июнь куни Теҳронда учрашди.

Теҳронда 18 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев Эрон президенти Иброҳим Раисий билан музокаралар ўтказди.

Мирзиёев матбуот хизматининг билдиришича, президентлар ўзаро савдо ҳажмини ошириш, транспорт ва логистика соҳасида ҳамкорликни мувофиқлаштириш имкониятларини ва иқтисодиётга оид бошқа масалаларни муҳокама қилдилар.

Шунингдек, халқаро терроризм, наркотрафик, кибертеррорчилик, одам савдоси каби глобал хавф ва таҳдидларга қарши курашишда томонларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Президентлар Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, ушбу мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш масалалари юзасидан мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.

Музокаралардан сўнг Ўзбекистон ва Эрон ўртасида 15 та ҳужжат имзоланди. Улар орасида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида қўшма баёнот, имтиёзли савдо тўғрисидаги битим, технологиялар ва инновациялар соҳасида ҳамкорлик бўйича ҳаракатлар режаси ҳам бор.

Шавкат Мирзиёев расмий ташриф доирасида Эрон олий диний раҳбари оятуллоҳ Сайид Али Хоманеий билан ҳам учрашди. Президент матбуот хизматининг хабар беришича, учрашувда Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги “кенг қамровли ҳамкорликни янада кенгайтириш борасида режалаштирилган чора-тадбирларни муҳокама қилинди”.

Ўзбекистон президентининг Эронга расмий ташрифи 18 июнь куни бўлиб ўтди.