Тошкентда банкка топширилган деярли 5 минг евро танга қалбаки экани аниқланди

Иллюстратив сурат.

Тошкентнинг Миробод туманидаги “Марказ” валюта айрибошлаш шаҳобчасига топширилган умумий қиймати 4 940 евро бўлган 2 евро номиналидаги 2 470 дона танга қалбаки эканлиги аниқланди.

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, евро тангалар валюта айирбошлаш шаҳобчасинининг касса амалиётлари ва нақд пул муомаласи бўлими ходимлари томонидан текширилмасдан қабул қилинган. Бунинг оқибатида “Марказ” шаҳобчасига эгалик қиладиган банк манфаатларига 59,3 млн сўм зарар етказилганлиги аниқланган. Бош прокуратура банк номини очиқламаган.

Айни пайтда Қашқадарё вилоятида Бош прокуратура қошидаги департамент томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “М” МЧЖ мол бозорида 2 бош қўйини 2,1 миллион сўмга сотган шахсга харидор 20 дона қалбаки 100 минг сўмлик купюраларни бергани аниқланди.

"Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда",-дейилади хабарда.