FAO зараркунандаларга қарши кураш учун Ўзбекистонга махсус техник воситалар тақдим этди

Чигирткалар хуружи туфайли ҳар йили Марказий Осиёдаги минглаб гектардаги экинзорлар зарар кўриши айтилади

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) 27 декабрь куни Ўзбекистоннинг Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига зараркунандаларга қарши кураш жараёнини такомиллаштириш учун махсус техника, ўқув қўлланмалари ва индивидуал ҳимоя воситаларини топширган. Бу ҳақда Газета.уз нашри халқаро ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Агентликка тақдим этилган воситалар орасида 10 та мотоцикл, 14 та планшет, 5 та пуркагич, 400 та кўзойнак, 400 та махсус ниқоб, 240 та қўлқоп, 200 та ҳимоя бош кийими, 200 та махсус комбинезон, 100 жуфт пойабзал, 200 та китоб, 1000 та ахборот плакати ва бошқалар бор.

FAO мазкур воситаларни Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) томонидан молиялаштирилаётган “Чигирткага қарши курашни яхшилаш” (II босқич) лойиҳаси доирасида топширган. Лойиҳа Ўзбекистон, Афғонистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистонни қамраб олади.

Қайд этилишича, лойиҳа доирасида зараркунандаларга қарши курашда зарари камроқ бўлган пестицидлар ва препаратлардан фойдаланган ҳолда чигиртка хуружига қарши самаралироқ механизм жорий қилинмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар зараркунандалар хуружидан етадиган зарар кўламини камайтириш ва хатарларнинг олдини олиш ҳисобига қишлоқ аҳли турмуш даражасини ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилгани айтилмоқда.