Фарғона расмийлари немис аскарлари акс этмиш плакатни тайёрлаганларни жазоламоқчи

Фарғона шаҳри дарвозаси

Фарғонадаги “Ватанпарварлар боғи”да 9 май арафасида “Хотира бор экан – миллат барҳаёт” сўзлари остида Вермахт аскарлари расми туширилган кўчма плакат ўрнатилган.

Вилоят ҳокимлиги масъули Файзулло Қосимов “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлимининг қўпол техник хатоси ва эътиборсизлиги натижасида мазкур плакатнинг боғ ҳудудига ўрнатилишини “ёқимсиз ҳолат” деб атаган.

Мулозимга кўра, ҳозирги пайтда бу масалани вилоят ҳокимлиги ўргана бошлаган.

“Дастлабки суриштирувга кўра, интернетдан иккинчи жаҳон уруши даври билан оид расмларга қидирув бериб, етарли билимсизлик туфайли тасодифий расмни олингани, плакат дизайнида фойдаланилгани маълум бўлди. Ким плакат макетини тайёрлаган, нега бу расмни танлаган, нега тасдиқлатилмаган ҳолда ўрнатилган, буларнинг бари батафсил ўрганиб чиқилади. Айбдорларга кескин чоралар кўрилади”, дея қайд этган Ф. Қосимов.

Фарғона вилояти ҳокимлиги масъули айни пайтда мазкур кўчма плакат “Ватанпарварлар боғи”дан олиб ташлангани, ўрнига II жаҳон урушида қаҳрамонлик кўрсатган ўзбек жангчилари тасвирланган баннер ўрнатилишини қўшимча қилган.