Фарғона вилоят судида Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаров дохил 44 киши устидан маҳкама жараёни бошланди.
Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов қайдича, судланувчиларнинг “29 нафари эркак ҳамда 15 нафари аёл бўлиб, 34 нафар судланувчига нисбатан “қамоққа олиш”, 10 нафарига эса “гаров” ва “уй қамоғи” тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган”.
Дастлабки тергов органининг айблов хулосасида судланувчилар томонидан 63 миллиард сўмдан зиёд бюджет маблағи талон-торож қилингани айтилган. Улар Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167, 168, 207, 209, 210, 28,210, 211, 28,211 ва 243-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Иқтисодчи-банкир Баҳром Ҳайдаров 2017-2019 йилларда Андижон вилояти молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган даврида катта миқдордаги бюджет маблағини ўзлаштирганликда гумонланиб, жорий йилнинг 6 июнь куни ҳибсга олингани ҳақида аввалроқ хабар қилган эдик.