Фарғонада Жамоат саломатлиги тиббиёт институти ташкил этилади

Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиали негизида Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти ташкил қилинади. Бу ҳақдаги қарор президент Ш. Мирзиёев томонидан 3 декабрь куни имзоланган.

Қарорга мувофиқ, қуйидагилар институт фаолиятининг асосий йўналишлар этиб белгиланган:

соғлиқни сақлаш ҳамда санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги муассасалари учун тор соҳадаги мутахассисликлар бўйича шифокорларни тайёрлашни ташкил этиш;

етакчи хорижий тиббиёт олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда малакали мутахассисларга эҳтиёж юқори бўлган соҳалар учун қўшма таълим ва академик мобиллик дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш;

соғлиқни сақлаш, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлигини, касалликлар профилактикаси, паразитология, микробиология, вирусология, соғлом турмуш тарзини ривожлантириш масалалари бўйича истиқболли инновацион, амалий ва фундаментал илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш, шунингдек, уларнинг натижаларини тиббиёт амалиётидаги мавжуд муаммолар ечимига қаратиш;

бириктирилган Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари ва тиббиёт коллежлари дастурларининг узлуксизлиги ва изчиллигини таъминлаш, улар фаолиятини самарали ташкил қилиш, илмий-услубий ёрдам кўрсатиб бориш;

хорижий мамлакатларнинг етакчи тиббиёт ташкилотлари, илмий-тадқиқот марказлари билан таълим ҳамда илм-фан соҳаларида узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш;

моддий-техника базасини модернизация қилиш ва мустаҳкамлаш, симуляцион марказ, ўқув ва илмий-тадқиқот лабораторияларини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш.

Давлат олий таълим муассасаси ҳисобланган мазкур институтга қабул ҳар йили белгиланадиган ОТМга ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари доирасида ва қўшимча қабул параметрларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилиши кўзда тутилган.

Институт ўқиш 2021/2022 ўқув йилидан бошланиши кутилмоқда.