Фарғоналик таниқли полвон Турсунали Мамажонов вафот этди

Турсунали полвон Мамажонов

“Водил чинори” халқ дорбозлик жамоаси бадиий раҳбари Турсунали Мамажонов 28 июль куни 75 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Маълумотларга кўра, халқ орасида Турсунали полвон номи билан танилган марҳумнинг дафн маросими якшанба куни ўзи туғилиб ўсган “Водил” қишлоғида ўтказилган.

1949 йили Фарғона вилоятида туғилган, умрининг кўп йилларини Ўзбекистоннинг турли жойларида (асосан Шоҳимардонда) полвонлик ва дорбозлик томошаларини кўрсатиш билан ўтказган Турсунали полвоннинг Фарғона вилояти ҳайвонот боғи ташаббускори ҳамда фахрий эколог бўлгани айтилади.

Ўтган асрнинг 80-йиллари охири ва 90-йиллари бошида мухолифатдаги “Бирлик” ҳаракати ва “Эрк” партиясининг фаол аъзоси бўлган Турсунали Мамажоновга аввалги президент Ислом Каримов даврида узоқ йиллар давомида “ўгай”ларча муносабатда бўлинган.

Кейинги йилларда расмийлар билан муносабати тузалган Турсунали Мамажонов 1-даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони ҳамда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони билан тақдирланган эди.