Ўзбекистондаги 122 та кластер Қишлоқ хўжалиги жамғармаси ва фермерлар олдида қарздор. Олти кластернинг ишлаб чиқариш қуввати йўқ бўлса-да, уларга имтиёзли кредит берилган. Президент Шавкат Мирзиёев 9 ноябрда ўтган қишлоқ хўжалиги масалаларига оид видеоселекторда мана шундай рақамларни келтирди.
Йиғилишда мутасаддиларга кластер ва фермер хўжаликларини молиялаштиришнинг янги тартибини йўлга қўйиш, улар ўртасидаги дебитор-кредитор қарздорликни ҳал этиш бўйича топшириқлар берилди.
Президент кластерларни ташкил этиш, улар билан фермерлар ўртасидаги муносабатлар бўйича янги тизим жорий этилишини эълон қилди.
Мирзиёевга кўра, бундан буён янги кластерларга молиявий кўрсаткичлари, ишлаб чиқариш қувватлари ва техника таъминоти бўйича талаблар қўйилади ва очиқ танлов орқали танланади. Уларда камида икки босқичли қайта ишлаш бўлиши шарт.
Фермерлар бир вилоят ичидаги хоҳлаган кластери билан фьючерс шартномаси тузиши мумкин бўлади. Улар фьючерс шартномасидан ортган ҳосилни биржа орқали сотишига ҳам имконият яратилади.
Шунингдек, келгуси йил ҳосили учун пахта етиштиришга 60 фоиз аванс кўринишидаги имтиёзли кредитлар тўғридан-тўғри фермерларга ажратилади.
Кластерлар эса етиштирилган пахтани сотиб олиш ва терим учун маблағ бериш орқали молиялаштирилади.
Йиғилишда қайд этилишича, бу йилги пахта ҳосилини тўлиқ қайта ишлаш натижасида 2024 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 9,6 миллиард долларга, экспортни эса 4,5 миллиард долларга етказиш ҳисоб-китоб қилинган.
Озодлик радиоси бир неча йиллардан бери фермерларнинг кластерлардан норозилиги, жумладан, кластерлар фермерлардан катта миқдорда қарз бўлиб қолаётгани тўғрисидаги мақолаларни бериб келади.
Ўзбекистондаги иқтисодий судлар пахта-тўқимачилик кластер корхоналарини бирин-кетин банкрот деб эълон қилмоқда. Ўзбекистонда кластерлар рақобатли тендер ўтказилмасдан, шаффофлик таъминланмасдан ҳукумат томонидан ташкил этилади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Фермернинг пулини еган кластерлар ҳам синмоқда. Гап нимада?