Бухоро прокурори мурожаати ортидан важларни ўрганиш учун идоралараро комиссия тузилди

Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов

Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозиловнинг ижтимоий тармоқлар орқали қилган мурожаатидан кейин унинг важларини “синчковлик билан ҳар томонлама ва холисона текшириш ҳамда ҳолатга баҳо бериш мақсадида” 14 декабрь куни Республика идоралараро комиссияси тузилган. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг Халқ қабулхонаси маълум қилди.

Комиссия таркибига Ўзбекистон президенти пдминистрацияси, Олий Мажлис Сенати, президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ҳамда Ўзбекистон президентининг Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхонаси масъул ходимлари киритилган.

Бухоро шаҳар прокурори Ж. Фозилов 11 декабрь куни президент Шавкат Мирзиёев ва президент администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновга видеомурожаат эълон қилгани, унда Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевни Бухородаги криминал шахсларни қўллаш ва вилоятдаги коррупция ҳолатларига алоқадорликда айблагани, ўзининг Бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев ўлимидан сўнг босимга учраётганини билдиргани ҳақида аввалроқ хабар қилган эдик.

Душанба куни тузилган “комиссия мурожаатда келтирилган қонунбузарлик ҳолатларини жойига чиққан ҳолда, Ж. Фозиловнинг барча важларини бевосита ўзининг иштирокида чуқур ва холисона ўрганилишини ташкил этади”, дейилган хабарномада.

Президент Халқ қабулхонаси текширув натижалари бўйича қўшимча маълумот берилишини ваъда қилган.