Фуқароларга оид шахсий маълумотларнинг Ўзбекистонда сақланиши мажбурий қилиб қўйилди

Ўзбекистонликларга оид шахсий маълумотларни қайта ишлаш жараёнида уларни йиғиш, тизимлаштириш ва сақлаш жисман республика ҳудудида жойлашган техник воситалар ёрдамида амалга оширилиши лозим. Бунга оид тартиб “Шахсий маълумотлар тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартишларда акс этган.

Мазкур ўзгартишларга мувофиқ, фуқароларнинг шахсий маълумотлари жисман Ўзбекистон ҳудудида жойлашган ва Давлат реестрида рўйхатдан ўтган техник воситалар ёрдамида қайта ишланиши керак.

Қайд этилишича, маълумотларни локализация қилиш талаби ахборот технологиялари, шу жумладан Интернет орқали маълумотларни қайта ишлашга тааллуқли. Бунда маълумотларни локализация қилиш, йиғиш, тизимлаштириш ва сақлаш талаби мулкдорда ёки операторнинг зиммасида бўлиб ҳисобланади. Мазкур ўзгартишлар 2021 йил 15 январидан кучга кирди.

“Шахсий маълумотлар тўғрисида”ги қонун 2019 йилнинг январь ойида қабул қилинган бўлиб, ўша йил 1 октябридан кучга кирганди.

Шахсий маълумотлар деганда маълум бир шахсга тегишли бўлган, уни аниқлашга имкон берадиган электрон, қоғоз ва (ёки) бошқа моддий воситада ёзилган маълумотлар англашилади.