ФВВ ҳордиқ кунлари тоғли ҳудудларда қор кўчиши эҳтимолидан огоҳлантирди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида жорий йилнинг 28 январидан 31 январигача қор кўчкиси тушиши мумкин. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилган.

Вазирлик шу важдан мазкур кунларда тоғли ҳудудлардаги фуқаролардан эҳтиёткорлик чораларини кўриш ва “Диққат! Қор кўчиши хавфи мавжуд” белгиси билан чекланган жойларга кирмасликни сўраган.

Ўзбекистонда ҳордиқ кунлари одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, тоғли ҳудудларга сафар қилиши одат тусига кирган. Аввалроқ ФВВ 19 январь куни Тошкент вилояти Чимён тоғ ҳудудида қор кўчиш ҳолати кузатилгани, кўчки ҳажми тахминан 60 минг метр кубни ташкил қилгани ҳақида маълумот тарқатган эди.