ФВВ ўзбекистонликларга 20 мартгача заруратсиз кўчага чиқмасликни тавсия қилди

Ўзбекистонда кучли шамол оқибатида дарахтларнинг таг-томири билан қўпорилиши аввал ҳам кўп кузатилган

Жорий йилнинг 18 март кунидан 20 март куни қадар Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида шамол тезлиги 17-22 м/с дан 23-28 м/с гача кучайиши кутилмоқда. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумот тарқатди.

Вазирлик ўзбекистонликларда бу кунлари кучли шамол вақтида заруратсиз ташқарига чиқмасликни тавсия этган, автомобиль эгаларидан эса ўз автомашиналарини дарахтлардан узоқроққа қўйишни сўраган.

Айни пайтда ФВВ бошқа бир хабарномада ижтимоий тармоқларда 18 март куни Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида Қозоғистон Республикасидан кириб келган кучли қум аралаш шамол эсаётгани ҳақида ёлғон хабар тарқатилаётганини билдирган.

Мазкур туманда куннинг биринчи ярмида енгил шамол эсганини эътироф этган вазирлик унинг ижтимоий тармоқларда иддао қилинганидек кучли бўлмаганини таъкидлаб, тармоқ фойдаланувчиларини сохта маълумотларга ишонмасликка чақирган.