Оқдарёдаги ошхонада газ портлаши оқибатида 10 киши жароҳатланди

Иллюстратив сурат.

Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги “Наврўз” маҳалласида жойлашган “Лаззат” ошхонасида 19 декабрь куни соат 14:20да газ портлаши оқибатида 10 киши турли даражада тан жароҳатлари олди. Жабрланганлар туман касалхонасига ётқизилди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг билдиришича, "Лаззат" ошхонасида 2 та пропан газ баллони бўлган ва улардан бирида чақнаш юз берган. Чақнаш натижасида ошхонанинг тахминан 40 квадрат метр майдонида шифт ва жиҳозлар ёнган.

“Ёнғин-қутқарув экипажи соат 14:23да ҳодиса жойига етиб бориб, 14:29да ёнғин қуршаб олинган ва соат 14:54да ўчирилган. Воқеа жойига вилоят ҳамда туман ФВ бўлими раҳбар ходимлари, ИИБ, Прокуратура, Тиббиёт, Газ хизматлари ходимлари ва 2 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилган. Содир бўлган ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилган”,-дейилади хабарда.