Германия билан авиақатновларга қўйилган чеклов бекор қилинди

Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги авиарейсларни (кириш, чиқиш ва транзит рейслар орқали республикага кириш) тўхтатиш бўйича жорий этилган чеклов бекор қилинди.

Бу ҳақдаги қарор Республика махсус комиссиясининг 11 февраль куни ўтказилган йиғилишида қабул қилинган.

Ўтган йил 21 декабрида ўзбек расмийлари 2021 йилнинг 10 январига қадар Буюк Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикаси давлатлари билан халқаро авиарейслар тўхтатиш ҳақида қарор олганди.

Мазкур чеклов муддати аввалига 1 февралга қадар, кейин эса 1 мартга қадар узайтирилганди.

Республика махсус комиссиясининг қарори билан мазкур давлатларда сўнгги 14 кун давомида бўлган учинчи давлат фуқаролари юқоридаги чеклов амал қилган давр мобайнида Ўзбекистонга киритилмаслиги белгиланганди.