Ўзбекистон Афғонистонга навбатдаги инсонпарварлик ёрдамини жўнатди

Гуманитар ёрдам 63 та вагондан иборат. Сурхондарё вилоят ҳокимлиги фотосурати.

Ўзбекистон ҳукумати 23 декабрь куни Афғонистонга навбатдаги инсонпарварлик ёрдамини жўнатди.

“...афғон халқига 63 вагонда озиқ-овқат, кийим-кечак ҳамда кўмир маҳсулотларидан иборат навбатдаги ортилган эзгулик поезди Термиз шаҳридаги "Айритом" чегара ўтказиш пункти орқали Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрига жўнатилди”, -дейилади Сурхондарё вилояти ҳокимлиги баёнотида.

Ўзбекистон бундан аввал 14 сентябрь куни Афғонистонга озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон, кийим-кечакдан иборат 1300 тонна инсонпарварлик ёрдамини юборган.

Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги 15 декабрь куни Термиз орқали иккита юк машинасида Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрига илк гуманитар ёрдамни жўнатди.

Октябрнинг ўрталарида БМТ Афғонистонга гуманитар ёрдамни Ўзбекистон орқали етказиб бериши хабар қилинган эди.