Ҳукумат айрим ҳудудлардаги “зарар билан ишлаётган” транспорт ташкилотларини сотишга қарор қилди

Ўзбекистон ҳукумати автотранспорт соҳасида давлат иштирокидаги корхоналарга хусусий секторни жалб қилишга оид қарор қабул қилди.

Шу йилнинг 2 январь куни имзоланган қарорда бу иш “транспорт соҳасида самарали ва рақобатбардош муҳитни шакллантириш, хусусий сектор ролини ошириш, ислоҳотлар жараёнида хусусий капитал иштироки учун кенгроқ имкониятлар яратиш мақсадида” амалга оширилаётгани иддао қилинган.

Ҳужжатда Наманган, Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган транспорт ташкилотларининг “истиқболсиз, зарар билан ишлаётгани ва уларнинг рентабеллилиги пастлиги” урғуланган. Расмийлар бу ташкилотларни хусусийлаштириш орқали соҳага инвестициялар жалб қилиш ниятида.

Қарорда “Автотранс Чимбой”, “Автотранс Қарши”, “Автотранс Косонсой”, “Автотранс Ургут”, “Автотранс Хоразм”, “Автотранс Ангор”, “Нурафшон Автотранс Сервис” ҳамда “Транс Авто Қарши” ташкилотлари E-auksion платформаси орқали сотувга қўйилиши айтилган.

Мазкур ташкилотларни сотиб олганларга “иш фаолиятини камида 5 йил давомида жамоат транспорт соҳасида амалга ошириш ҳамда биринчи навбатда қишлоқ ҳудудларини туман ва вилоят марказлари билан боғловчи йўналишларда фаолият юритиш” мажбурияти юклатилади.

Улар бир йил муддатда иш фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини (GPS қурилмалари, электрон тўлов тизимлари) жорий этишлари лозим бўлади.

Мазкур ташкилотларни хусусийлаштириш бўйича аукцион савдоларини ташкил этиш вазифаси Давлат активларини бошқариш агентлиги зиммасига юклатилган.