Ўзбекистон ҳукумати жорий йилнинг 6 декабридаги қарори билан “Нотурар жойларда истиқомат қилаётган, шунингдек, ота-онасидан ёки уларнинг биридан айрилган ҳамда ёлғиз онаси, ёлғиз отаси ёки бошқа шахслар қарамоғида бўлган вояга йетган уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом”ни тасдиқлаган. Бу ҳақда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Низомга мувофиқ, уй-жой шароитини яхшилаш истагида бўлган уй-жойга муҳтож аёллар ўзини ўзи бошқариш органи ёки туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига сўровнома-ариза билан мурожаат қилади.
Уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлашга кўмаклашиш комиссияси ҳар чоракда (чорак биринчи ойининг 15-кунигача) уларнинг уй-жойга эҳтиёжмандлик даражасини ўрганиб чиқади.
Комиссиянинг тегишли қарори қабул қилингач, уй-жойга муҳтож хотин-қизлар кўпи билан 30 кундан ошмаган муддат ичида ижтимоий уй-жойларга ижара ҳуқуқи асосида вақтинчалик жойлаштирилади.
Ҳужжатга мувофиқ, бунда уй-жойга муҳтож хотин-қизларга ипотека кредити бўйича уй-жойларнинг ҳисобланган қийматининг 15 фоизи миқдорида бошланғич бадал тўлаб берилиши, туман (шаҳар) ҳокимлиги Комиссия қарори қабул қилингандан сўнг 20 кун ичида ижтимоий уй-жойга жойлаштириладиган хотин-қизлар билан ижара шартномасини тузиши (кўпи билан 5 йил муддатга), ижара шартномаси тузилгандан кейин 5 кун ичида ижтимоий уй-жойни топшириш – қабул қилиш далолатномаси тузилиши, далолатнома тузилгач, уй-жойга муҳтож хотин-қизлар 5 кун ичида ижтимоий уй-жойга жойлаштирилиши белгиланган.
Низомда ногиронлиги бўлган шахслар, кекса ёшдаги ва ўзи ҳаракатлана олмайдиган шахслар устувор равишда кўп квартирали уйларнинг биринчи қаватидаги ижтимоий уй-жойларга жойлаштирилиши қайд этилган.
Ижтимоий уй-жойдан фойдаланганлик учун ижара ҳақи уй-жой умумий майдонидан келиб чиқиб унинг 1 квадрат метри учун Тошкент шаҳрида 1 йилга БҲМнинг 2 фоизи (5 минг 400 сўм), Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 1 фоизи (2 минг 700 сўм) миқдорида белгиланади.
Ҳужжатда ижара шартномасида белгиланган талабларга риоя этилиши юзасидан ҳар ойда бир маротаба мониторинг олиб борилиши қайд этилган.